|
There are no translations available.
Минора - Шарқнинг гўзали, виқор-ғурур ва тарихимиз зарварағидир. Ушбу сўзни тилга олишимиз билан салобат тўкиб ётган осори атиқаларимиз кўз ўнгимизга келади. Минг йиллардирким миноралар нафақат олиму фузало, муҳандису меъмор, балки оддий халқнинг диққат марказидадир. Ислом дунёсида миноралар битмас туганмас маъно ва моҳият касб этади. Кўплар уни алифга, баъзилар виқор ва умрбоқийликка, нозик таъбли шоирларимиз сарв қоматга ўхшатишади. Шундай бўлсада, биз сайтимиз саҳифаларида минорлар тарихи ва бугуни тўғрисида тўхталиб ўтмоқчи бўлдик.
Миноранинг икки хислати: биринчидан тарихан улар маёқ вазифазини ўтаган. Қадимда қоронғу тушгач шаҳарга келувчи мусофирларга йўл кўрсатган ва иккинчидан муаззиннинг азонини ҳамма мусулмонлар эшитилиши учун минбар сифатида хизмат қилган. Минора сўзи асли арабчадан олинган бўлиб, таржимаси маёқдир. Шарқ мамлакатларида улар ислом архитектурасининг ажралмас қисми сифатида қабул қилинган бўлиб, улар уч турга бўлинади: доирашакл, тўртбурчак ва кўпқиррали. Миноралар асосан масжид ва мадраса биноларига яқин жойда алоҳида ёки бино композициясига туташган ҳолда барпо этилган. Қадимий даврларда минораларга чиқиш зинапоялари асосан ташқи қисмдан жойлаштирилган бўлса, кечроқ минораларда зинапоялар ички қисмдан, спирал шаклида ишланган. Миноралар азосан пишиқ ғишт, сирланган кошин, муқарнас (тепа қисми) билан безанган. Дунёга машҳур бўлган миноралар сирасига Бухорои Шарифнинг Минори Калони (1127 й.), Ҳиндустондаги Манори Қутб (1193 й.), Туркиянинг Анталия шаҳрида жойлашган Ёвли минораси (1373 й.), Туркманистондаги Қутлуғ Темур минораси (1321-26 йй.) ва бошқани тилга олишади. Ўзбекистон ҳудудидаги минораларга тўхталадиган бўлсак Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқанд ва бошқа шаҳарлардаги минораларисиз маданий-меъморий ёдгорликларни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси битмас туганмас чирой ва жозиба бериш билан бирга, бой мерос ва тарихимиз ҳамдир. Бухорои шарифдаги машҳур миноралар тўғрисида сузлайдиган бўлсак, унда бутун дунёга донғи кетган Минори Калон, Вобкент минораси, Жарқўрғон минорасини, Хивадаги Калта минор, Ислом Хужа минори, Жума масжиди минораси, Саид Шоликорбой минораси, Полвон қори минораси, Тўра Мурод Тўра минораси, Абдал бобо ва Бекажон Бека миноралари такрорланмас меъморий осори атиқалар сирасига киритилган. Ўрта Осиё ҳудудида, ҳозирда Туркманистонда жойлашган Қутлуғ Темур (1321-26) минораси энг баланд миноралардан (62м) ҳисобланади. Самарқанд миноралари бошқа меъморий обидалардан кескин фарқ қилиб, асосан бино композицияси билан туташиб кетган. Бу соҳада олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида улардаги ёзув тасниф этилди.  Регистон ансамбли ёдгорликлари мажмуасидаги Улуғбек мадрасаси миноралари ўзига хос тарихга эгадир. 1918 йил Улуғбек мадрасаси шимолий-шарқий қисмидаги минора оға бошлади. Унинг оғиши кун сайин кўпайиб борарди. Иш шу даражага етдики, минора асосий ўқидан 1,8 метрга оғиб, қулаб кетиш хавфи туғилди. Миноранининг оғишини тўхтатиш учун минора айланасига тахта билан ўраб олиниб, 36 тонналик темир 24 та сим (трос) билан ерга қозиқ қоқилиб боғлаб қўйилди. Натижада миноранинг оғиши тўхтади. Минорани ўз ҳолатига келтиришнинг икки йўли бор эди. Рус инженерии Б.Н.Костальский минорани бузиб қайтадан тиклашни таклиф этган бўлса, Самарқанд вилояти архитектори М.Ф.Мауэр бундай йўл уни йўқотиш билан баробар дея, буткул зид чиқди ва у минорани улкан домкратлар орқали қайта жойига тиклаш таклифини киритди. Икки таклиф ва қарама-қаршилик кўп йиллар давом этди, лекин шундай бўлсада, мутахассис олимлар М.Ф.Мауэр томонидан берилган таклифни қўллаб қувватлашди. (1-сурат). Ушбу воқеалар шоҳиди бўлмиш, машҳур самарқандлик шоир ва тарихчи Қўқанбой Абдухолиқзода ўз қитъасида шундай хотираларини келтиради: Минори кўҳбунёде зи бунёдаш шуда вайрон, вале то остона, Зи жо бархосту бар жой биншаст ба як тиргак ба ду се фона… Таржимаси: (Улуғбек мадрасаси) Баланд тоғдай минора остонаси (таги)га қадар вайрона ҳолатга келди, лекин у ўз жойидан узилиб, бир икки тиргак билан ўз жойига ростлаб қўйилди… Бу воқеа ўша даврда катта шов-шувга сабаб бўлган. Шундай қилиб, бу иш 1932 йилнинг 7 январда бошланиб, 11 январ куни якунига етказилди. 1960 йилларга келиб, Улуғбек мадрасаси иккинчи жанубий-шарқий қисмидаги минораси ҳам оға бошлади. Моҳир муҳандис Ю.М.Гендел томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида кучли гидравлик домкратлар ёрдамида у ўз жойига (1962 й.) тиклаб қўйилди. Юқорида таъмир тарихи айтилган бўлса, қуйида Улуғбек ва Регистоннинг 10 минорасидан ҳозирга қадар сақланган 6 минорасида нималар ёзилгани кўпчилик билмайди.  Улуғбек мадрасаси минорида юқори қисмида Қуръони Каримнинг «Ғофир» сураси 64-ояти келтирилган. (2 сурат)
اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ
Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат (шакл) бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ – Парвардигорингиздир. Бас, (барча) оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракотлидир. Пастки катта куфий езувида Боқийлик Аллоҳга хосдир. Унинг ўрта қисмида куфий услубда
لا اِلـَهَ اِلاَّ هُوَ الـْقـّيُّومُ
Илоҳ йўқ, магар ҳар бир нарсани қоим қилувчи (Аллоҳ)нинг ўзигина бор. Ёзуви такроран сабт этилган. Миноранинг пастки қисмида эса
قـَاَلَ رَسُولُ اللهِ صَلـَّي اللهُ عَلـَيْهِ وَ سَلـَّمَ الدُّنـْيَا سَاعَةٌ فـَجْعَلـْهَا طـَاعَةً Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Дунё ўзи бир лаҳзадир, уни тоат билан ўтказгин. Улуғбек мадрасаси иккинчи минорасида ҳам юқоридаги езувлар такрорланиб келади Шердор мадрасаси минорасида жозибадор муқарнасидан кейин Қуръони Каримнинг Ғофир сураси 64 ояти келтирилади. (3-сурат)
اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат (шакл) бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ – Парвардигорингиздир. Бас, (барча) оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракотлидир. Пастки катта куфий езувида Боқийлик Аллоҳга хосдир. Унинг ўрта қисмида куфий услубда
لا اِلـَهَ اِلاَّ هُوَ الـْقـّيُّومُ
Илоҳ йўқ, магар ҳар бир нарсани қоим қилувчи (Аллоҳ)нинг ўзигина бор. Ёзуви такроран сабт этилган. Миноранинг пастки қисмида эса
قـَاَلَ رَسُولُ اللهِ صَلـَّي اللهُ عَلـَيْهِ وَ سَلـَّمَ الدُّنـْيَا سَاعَةٌ فـَجْعَلـْهَا طـَاعَةً
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Дунё ўзи бир лаҳзадир, уни тоат билан ўтказгин. Шердор мадрасаси иккинчи минорасида ҳам юқоридаги езувлар такрорланиб келади. 1399-1404 йилларда соҳибқирон Амир Темур томонидан барпо этилган Амир Темур Жомеъ масжиди Ўрта Осие заминида яратилган улкан меъморий обидалар сирасига кирарди. Унинг тўрт томонида тўртта минора қад ростлаган ҳолда, масжиднинг икки улкан ташқи ва ички равоқларида ҳам тўрт минораси бор. Самарқанднинг кўҳна мавзеларидан бири бўлмиш Яккаминор гузари, бевосита ушбу обида билан боғлиқдир, зеро замона мурури билан масжид гумбазларидан фақат биттасигина сақланган. Ушбу минора гузар ҳудудида жойлашганлиги сабабли Яккаминор (битта минор) номини олган. Қисман иттифоқ даврида ва асосан Мустақиллик йилларида ушбу минорларнинг ҳаммаси  рисоладагидек қайтадан барқарор этилган. Ундаги ёзувлар ҳам ўқиб ўзбек тилига таржима қилинди. (4 сурат) Миноранинг юқори қисмига кўк деворга дастлаб куфий хатида:
الملك لله البقاء لله الشكر لله العظمة لله
Барча мулк Аллоҳникидир, боқийдик Аллоҳга хос, шукр Аллоҳгадир, улуғлик Аллоҳга хос. Сулс хатида эса Ғофир сурасининг 64-ояти ёзилган.
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан (бошлайман) Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат(шакл) бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ – Парвардигорингиздир. Бас, (барча) оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракотлидир. Катта ҳажимда куфий хатида эса: Эй Султон يا سلطان
деб ёзилган. Темур ва темурийлар даврига оид Самарқандда сақланган яна бир минора бу Гўри Амир мақбарасида жойлашган бўлиб, Мустақиллик йилларида миноралар тўлиқ таъмирланиб, уларга иккинчи ҳаёт бахшида этилди. Унинг ёзувларига эътибор берадиган бўлсак, миноранинг юқорисида оқ рангда сулс хати билан Юсуф сурасининг 101 – ояти ёзилган. (5 сурат)
 الْأَحَادِيثِ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ أَنْتَ وَلِيِّي فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ تَوَفَّنِي مُسْلِمًا وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). «Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна барча тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва ерни яратган зот, дунёю охиратда Ўзинг ҳожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин». Катта ҳажмда куфий хатида эса: الله - Аллоҳ ва الله اكبر - “Аллоҳ буюкдир” ёзувлари битилган. Албатта, бир мақола ҳажмида миноралар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтишнинг имкони йўқ, лекин шундай бўлсада, миноралар тўғрисида оз бўлсада маълумотлар беришни жоиз топдик. Юқоридаги ёзувлардан кўриниб турибдики, миноралар ҳам кўк гумбазли осмонга туташган ҳолда, Аллоҳга ҳамду сано ва ибодат рамзидир.
Беҳрўз Маруфий, тарихчи-филолог
суратларга шарҳ 1. Самарқанд. Улуғбек мадрасаси минораси. 1918 й. 2. Самарқанд.Улуғбек мадрасаси минораси 3. Самарқанд. Шердор мадрасаси минораси 4. Самарқанд. Амир Темур жомеъ масжиди минораси 5. Самарқанд. Гўри Амир мақбараси минораси |