Russian (CIS)English (United Kingdom)
ШАРҚНИНГ УЧ ИЛМИЙ МАКТАБИ PDF Print E-mail
Written by Нўъмон Маҳмудов   
Saturday, 24 April 2010 14:35
There are no translations available.

Аниқ фанлар соҳасида Ўрта Осиё олимлари  IХ-ХVIII асрларда ўзининг кўпдан-кўп илмий асарлари  билан, айниқса  астрономия  ва риёзиётда, буюк янгиликлар киритдилар. Тўққиз аср давомида Шарқ мамлакатларида, шу жумладан,  Ўрта Осиёда ҳам, улуғ маданий шаҳарлар вужудга келди, бу шаҳарларда илмий мактаблар ва аниқ фанларни ҳисоблаш марказлари ташкил этилди. Улар ичидан фаолиятининг асосий йўналиши астрономик тадқиқотлар бўлган уч илмий мактабда вужудга келган кашфиётлар эътиборга лойиқдир.
          Биринчи илмий мактаб   ХIII асрда Жанубий Озарбойжоннинг пойтахти Мароға шаҳрида ташкил қилинди. Мактабнинг илмий раҳбари Носириддин Тусий эди. Унинг илтимосига кўра, 1259 йили Хулогухон расадхона қурдирди. Чунки хон бундан ўз манфаатини ҳам кўзлаган эди, яъни турли ҳарбий юришлар ва бошқа маъмурий тадбирларни амалга оширадиган омадли кунларни аниқлаш ва бундай кунларни олдиндан билдирадиган жадвал-гороскоп тузиб беришларини у олимлардан талаб қилган эди. Бундай жадвалларни тузиш эса маълум астрономик кузатишларни тақозо  қиларди.

            Бироқ кейинчалик Носириддин Тусийнинг ғайрати ва шижоати сабаб бўлиб, бу расадхона ХШ асрнинг йирик илмий марказига айланди ва тарихда ўчмас из қолдирди. Ўрта аср тарихчиси Рашидиддиннинг маълум қилишича, расадхонанинг юзга яқин ходими бўлган. Озарбойжонлик олим Ҳ.Мамедбейлининг «Носириддин Тусий – Мароға расадхонасининг асосчиси» деган асарида расадхонада ишлаган 21 астрономнинг рўйхати келтирилган.
             Тусий тарихга қомусий аллома сифатида кирди. Унинг  математика ва астрономияга оид «Алгебра ва алмуқобаладаги ҳисоблаш масалалари  ҳақида рисола», «Астрономиядан Носириддиннинг эсдаликлари»,  физикага оид «Нурнинг синиши ва қайтиши ҳақидаги рисола», «Иссиқ ва совуқ ҳақидаги рисола», бошқа фанлар соҳасида Хулогухонга бағишланган «Тансиқномаи Элхоний»(«Элхон минералогияси»), педагогикага оид «Ахлоқи Носирий», мантиқ бўйича ёзган «Асос ал-иқтибос»(«Билим олишнинг асослари») ва бошқа асарлари қимматли мерос ҳисобланади. Олимнинг илмий мероси ичида уни дунёга  танитган буюк астрономик асари «Зижи Элхоний» («Элхон зижи») бўлиб, у Хулогухонга бағишланган эди(Хулогухоннинг тахаллуси Элхон бўлган). Бу асарда келтирилган талай йирик шаҳарларнинг географик координатлари, юлдузларнинг координатлари, Қуёш, Ой ва бошқа сайёраларнинг ҳаракатлари акс эттирилган жадваллар, то ХV асрда Улуғбек расадхонасининг йирик астрономик асбобида бу маълумотлар аниқлаштирилгунга қадар, яъни икки юз йилдан кўпроқ давр мобайнида  дунё астроном олимларининг фойдаланадиган кундалик луғатига айланди.
          Ўз асарида олим машҳур юнон астрономи, олам тузилишининг геоцентрик таълимотининг асосчиси К.Птоломейнинг (машҳур «Алмажистий»нинг муаллифи) Ой ва Уторуд (Меркурий)нинг ҳаракатига бағишланган назариясига қарши чиқиб, ўзининг нисбатан енгил ҳисоблаш усулини таклиф этади.
          Тусийнинг  Мароғадаги расадхонаси  ўрта асрларда ишлаган ва дунёга донғи кетган энг йирик расадхоналардан бўлиб, унинг Шарқ астрономияси ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
           1935-1937 йиллари расадхона қолдиқлари археолог П.Варживанд ва унинг шогирдлари Муртазавий ва Ҳайдарийлар томонидан ўрганилиб, унинг асл ўлчамлари ҳақида қуйидаги маълумотлар қўлга киритилди: узунлиги  - 510 метр, кенглиги 217 метр бўлиб, расадхона ўрнатилган бу тепаликнинг баландлиги 110 метр. П.Варживанд қазилмалари асосида Табриз университетининг олимлари Мароға расадхонасининг асосий «телескопи» - квадрантнинг радиуси – 18,4 метр, асосидаги айланманинг диаметри – 22,8 метр, деворининг қалинлиги эса 80 сантиметрлигини аниқладилар.
          Франция миллий кутубхонасида сақланаётган араб олими Ал-Ордизийнинг китобида Тусий расадхонасининг 10та астрономик асбоблари ҳақида маълумот берилган.
           Тусийнинг вафотидан(1274 йил) кейин расадхонага унинг катта ўғли Садриддин Абул Ҳасан ибн Носириддин раҳбарлик қилди.
           Шарқнинг иккинчи илмий мактаби ХV асрда Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек томонидан ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, биринчи илмий мактаб - Мароға расадхонаси Самарқанд расадхонасидан 150 йил олдин қурилиб, ишга туширилганлиги туфайли, Улуғбек расадхонасининг қурилиши ва ишга туширилишида Тусий  расадхонасининг кўпгина ижобий тажрибаларидан, жумладан, илмий ишларни режалаштиришда ва олинган натижаларни  таққослашда кенг фойдаланилди.
            Машҳур муаррих Абдураззоқ Самарқандий ўзининг  «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» («Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи») асарида Мирзо Улуғбекнинг илм-маърифат борасида саъй-ҳаракатлари, атрофида олимларни тўплагани, «у замон Афлотуни Мавлоно Салоҳиддин Мусо Қозизодайи Румий», ўзи тарбиялаб «фарзандим» деб атаган даврон Батлимуси бўлмиш Мавлоно Алоуддин Али Қушчи, Кошондан Самарқандга келтирган улуғ Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид билан бир илмий анжуман тузганлигини қайд этади ва ёзади: «(Бу соҳада) етук камолот ҳосил қилгач ва сабабларни шайлагач, (Улуғбек) расад ва зийж тузишга майл қилди ва Самарқанднинг шимолида, Шарқ томонга мойилроқ ерда мос бир жойни тайин қилди… Унинг(расадхонанинг) биноси давлат асосидек пойдор, пойдевори эса, салтанат қоидасидек устувор қилиб мустаҳкамланди. Иморатнинг хоналари ичига тўққиз фалакнинг ҳайъатию тўққиз (осмон) доиралари шаклларини даражалар, дақиқалар, сониялардан тортиб то ошираларигача(чизилди) ҳамда айланувчи фалаклар, етти сайёра юлдузлари, собита юлдузлар кўриниши ва ер курраси» ва унга «нимаики тегишли бўлса(ҳаммасини) …рақамлар билан чизишга буюрди… Бу муҳим ишнинг овозаси шаҳар ва мамлакатлар бўйлаб тарқалиб, шуҳрат топди. Шаҳзода у зийжга тузатишлар киритилиб тамомланишига муваффақ бўлди ва унга «Зийжи Султоний Кўрагоний» деб ном берилди» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2010 йил 16 апрел).  
           Қайд қилмоқ лозимки, «зиж» сўзи форсча бўлиб, «бўйра» деган маънони англатади. Астрономик жадвалларнинг вертикал ва горизонтал чизиқлари, сонлари билан биргаликда бўйрани эслатгани учун ҳам улар шундай ном билан аталарди. Бу атама VII асрдан бошлаб учрайди. Муҳаммад ал-Хоразмий ўзининг асосий астрономик асарини Бағдод халифи, Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмунга бағишлаб, «Зижи Маъмуний», Умар Хайём Исфаҳон султони Маликшоҳга бағишлаб, «Зижи Маликшоҳий»,  юқорида зикр қилганимиздек, Носириддин Тусий Хулогухон(тахаллуси Элхон)га  бағишлаб, «Зижи Элхоний», Ғиёсиддин Жамшид Коший эса Шоҳрух Мирзога бағишлаб, «Зижи Ҳоқоний» деб атаган эди.  

           Улуғбек расадхонаси олимлари фаолиятининг маҳсули бўлган жадваллар «Зижи жадиди Кўрагоний»(«Кўрагоний янги жадваллари») номи билан дунёга танилган. Бу ерда Улуғбекка берилган «Кўрагон», яъни «хон куёви» тахаллуси унга, В.Бартольднинг айтишича, онаси томонидан Ўзбекхонга  қариндош бўлган  Муҳаммад  Султоннинг қизига уйлангани учун  берилган. Улуғбекнинг бу хотинидан  1412 йил 19 августда туғилган қизи ҳам ўз катта онаси каби Хонзода номи билан аталгани шундан эди. В.Бартольд таъкидлашича, Улуғбекнинг Султон Маҳмудхон қизи Оқ Султон оқага уйлангани, унинг Кўрагон тахаллусини олишига яна ҳам кўп ҳуқуқ берарди.
          Самарқанд расадхонаси тадқиқот ишларининг асосий маҳсули «Зижи Кўрагоний» сўзбоши, назарий қисм ва зиждан(жадваллардан) иборат бўлиб, жами 430 саҳифани ташкил этади.  «Зиж»нинг жадвалларсиз матнли қисми 60 саҳифани, қолган 370 саҳифаси эса астрономик, тригонометрик, географик ва астрологик жадвалларни ташкил қилади.
          «Зижи Кўрагоний»нинг  Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳолатларига тегишли жадваллари, шунингдек, мингдан ортиқ бевосита кўринадиган  юлдузларнинг жадвали, аксарият ҳолларда Самарқанд расадхонаси олимларининг бевосита кузатишларининг натижаларидир. Таъкидлаш лозимки, Улуғбек расадхонаси олимлари оддий астрономик асбоблар ёрдамида осмон жисмлари ҳаракати тўғрисида улкан илмий натижаларни қўлга киритганлар.
            1429 йили Қозизода Румий, 1430 йили Жамшид  Коший  оламдан ўтдилар ва бу илмий асар(«Зижи Кўрагоний») тугатмасдан қолади. Расадхонага раҳбарлик қилиш ва бу улуғ асарни охирга етказиш вазифаси Али Қушчи зиммасига қолди. Мирзо Улуғбекнинг бевосита иштироги ва раҳбарлиги остида Али Қушчи бу юксак вазифани уддалай олди, 1444 йилда «Зижи Кўрагоний»ни охирига етказди.
             Улуғбекнинг илмий мактаби 30 йилдан кўпроқ вақт давомида фаолият кўрсатди. Бу илмий мактаб мутафаккирлари илмий асарлар ёзишгина эмас, балки ўз замонасининг кўп ёшларини тарбиялаб, улар  орқали илм-фанни Ўрта Осиёнинг ҳама шаҳарларига ва, шунингдек, Ғарбий Европага тарқатдилар. Масалан, Али Қушчи Ҳирот мадрасаси талабаларининг билимларини текшириш мақсадида у ерга сафар қилган эди. Ўша вақтда у ёш Жомийни ҳам алгебра ва геометриядан имтиҳон қилиб, уни Самарқанддаги Улуғбек мадрасасига ўқишга таклиф қилган эди.
            1435 йилда Али Қушчи Хитойга сафар қилди. Сафарга чиқаётганида Мирзо Улуғбек унга кўрган нарсасини ва  эшитган тушунчасини қайд қилиб  боришни, чунки  илм ривожи учун буларнинг барчаси лозим бўлиб қолар, деб тайинланган эди.
            Али Қушчининг Шарқ мамлакатларигина эмас, балки Ғарбий  Европада ҳам Улуғбек мактабида яратилган асарларни тарғиб қилишда хизмати беқиёсдир.
            «Зижи Кўрагоний»нинг жадваллари  ўрта аср астрономиясининг энг аниқ жадвалларидан ҳисобланарди. Шу боисдан унинг қўлёзмаси ўрта асрларда турли жойларда катта тезлик билан кўчирилиб, кўпайтира бошланди. Айниқса, «Улуғбек  зижи»га  тегишли юлдузлар каталоги(жадвали) аниқлиги  билан кейинги асрларда кўп Ғарб астрономларида катта қизиқиш уйғотди. «Зижи жадиди Кўрагоний» 1665 йили  Оксфорд(Англия)да биринчи марта чоп этилди ва 15 йил давомида уч марта қайта нашр этилди. Кейинчалик, 1853 йили Парижда, 1917 йили Америкада босилиб чиқди.
             Парижлик астроном Ф.Боку «Улуғбек зижи» юлдузлари каталогини ўрганиб, унга шундай баҳо берган эди: «Мазкур каталог Самарқанд расадхонасида бевосита кузатиш ёрдамида юлдузларнинг аниқланган ўринларига таянгани учун ҳам жуда қимматлидир. У моҳияти билан ХV аср  ичида яратилган эътиборга молик энг аниқ каталог ҳисобланади».
              ХIХ асрда эса машҳур француз математиги ва астрономи  Пьер Лаплас Улуғбек ва унинг юлдузлар жадвалига баҳо бериб: «Улуғбек ўз салтанатининг пойтахти Самарқандда Тихо Брагега қадар мавжуд юлдузлар жадвалларидан афзал янги юлдузлар каталогини тузди»,- деб ёзган эди.
              Шарқнинг  учинчи илмий мактаби  ХVII асрда Шимолий Ҳиндустондаги  Жайпур шаҳрида Савойи Жай Сингх томонидан ташкил қилинган эди. Бу мактабнинг вужудга келиши ва  ижодий ишларига Улуғбек мактабининг таъсири ниҳоятда катта эди. Ҳинд астрономи  ўз расадхонаси деворида қуйидаги сўзларни битганди: «Ислом оламида марҳум Султон  Мирзо Улуғбек замонидан сўнг ва ҳозирги давргача, уч юз йил давомида олий  мақом султонлар ва машҳур олий мартаба олимлар жумласидан ҳеч бир киши бу ишга жиддий эътибор беролгани йўқ».
             Савойи Жай ташаббуси билан Жайпур, Деҳли, Уржон, Муттар ва Банорас шаҳарларида бир нечта мадраса ва бешта катта расадхона қурилган эди. У мазкур мадраса ва расадхоналарининг  илмий ишларига бевосита раҳбарлик қиларди.  Савойи Жай бунда Ўрта Осиё, Яқин Шарқ ва Европанинг 30 нафар машҳур олимларини жалб қилган эди.
              Савойи Жай раҳбарлигида мактаб олимлари қатор илмий асарлар ёзиб, табиатшунослик илмлари  соҳасида кўп янгиликлар киритдилар. Унинг ўзи бир нечта илмий асарлар муаллифи эди. Хусусан, «Зижи жадиди Муҳаммадшоҳий»  ва «Жайб ва залъ рисоласи»  диққатга сазовордир. Бу асарлар олдинги илмий мактабларда яратган асарлардан фарқ қилади. Бунинг асосий сабаби шуки, Савойи  Жай  расадхонасида  20 дан   зиёд астрономик оптика асбобларидан фойдаланган эди. Шарқ расадхоналарида шу давргача бундай асбоблар мавжуд эмас эди. Шу сабабдан Савойи Жай илмий мактабининг  олимлари фалак буржининг тўлиқ майлини янада аниқроқ ҳисобланган.
          Мазкур илмий мактабнинг Шарқ астрономиясига қўшган илғор назариялари  - гелиоцентрик система, сайёралар ҳаракатининг эллиптик назарияси ва бу назария унсурларини ҳисоблаш усулларидир. Бу масалаларни Савойи  Жай  «Зижи жадиди Муҳаммадшоҳий»нинг  учинчи бобида баён қилган.  Масалан, мактаб олимлари Ер ва Қуёш ўртасидаги масофани ҳисоблаб, уни 148005000 км-га баравар  эканлигини кўрсатадилар.  
          Бу асарнинг қиммати яна шундаки, китобнинг хотимасида расадхонада телескопдан фойдаланганлиги ва унинг воситасида янгиликлар қўлга киритилганлиги кўрсатиб ўтилган. Асарнинг аҳамияти шундаки, ундан Шарқ ва Европа олимларининг илмий алоқаларини билиб олиш мумкин  ва Шарқ илмининг тараққиёти хусусидаги баъзи фикр-мулоҳазаларнинг нодурустлиги аён бўлади.
            Савойи Жай мактабининг илмий ишлари Ўрта Осиё ва Европада тезлик билан тарқалди ва бир неча марта ундан нусха кўчирилди ва шарҳ ёзилди.
             Шундай қилиб, Шарқнинг уч илмий  мактаби мисолида илм-фан тараққиётининг узликсизлигини, олдинги илмий мактаб кейингисига  янада юксалиши, ривожланиши учун зина, пойдевор  бўлиб хизмат қилганини, шунингдек, Шарқда илм-фан ривожининг даражаси Европадан асло паст эмаслигини, балки улар ўзаро ижобий таъсир кўрсатиб яхши натижаларга ноил бўлганлигини кўрамиз.

                                                                          
Last Updated on Saturday, 24 April 2010 15:14
 
Home History Researches ШАРҚНИНГ УЧ ИЛМИЙ МАКТАБИ