Самарканд туризми истиқболлари


 

      Самарқанд шаҳрида “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуниниг вилоятда ижро этилишининг бориши ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг минтақанинг туристик салоҳиятини ривожлантириш борасидаги вазифаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

      Ўзбекистон Республикаси Олий Мажиси Сенатининг Ташқи сиёсати масалалари қўмитаси томонидан халқ депутатлари  Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда БМТ Тариаққиёт дастурининг “Парламент ривожланишини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси иштирокида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат қумиталари вакиллари, сайёҳлик соҳаси бўйича мутахассис ва экспертлар қатнашди.

            Олий Мажлис Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев бошқарган йиғилишда юртимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани таъкидланди. Ушбу йўналишдаги ишларни тартибга солиш ва муваффақиятли амалга оширишда “Туризм тўғрисида” ги қонун ва ўттиздан ортиқ қонуности ҳужжатлари мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамокда.

            Мамлакатимиз туризм инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи вилоятимизда ҳам мазкур қонун ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Қўмита ишчи гуруҳи маълумотномасида қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда 2015 йилга қадар туризмни янада ривожлантириш, туристик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтиришга қаратилган дастур асосида иш олиб борилмоқда. 140 та туристик фирма ва ташкилотлар, қарийб тўрт минг ўринли 78 та меҳмонхона сайёҳларга юқори  сифатли хизмат кўрсатиб келаётир. Ўтган йил якунларига кўра, 89 минг 600 нафар туристлар дунёдаги машҳур Самарканднинг бетакрор тарихий обидалари, гўзал табиатидан баҳраманд бўлдалар. Сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, уларга халқимизнинг ўзига хос анъана ва қадриятларини кўрсатиш мақсадида кейинги йилларда “Самарқанд нонлари”, “Шарқ ширинликлари”, “Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари” каби кўргазмалар ташкил этилди. Самарқанд шаҳрида сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратилиб, темирйўл вокзали ва аэропортда шаҳар туристик харитаси ўрнатилди. Кўчаларда ўзбек ва инглиз тилларида махсус йўл кўрсаткичлар жойлаштирилди.

            - Ўрганиш натижалари туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар Самарқанд шаҳридагина эмас, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам тизимли равишда олиб борилаётганини кўрсатди, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Давронбек Аллакулиев.

            Тадбир қатнашчилари иштирокида, шунингдек, “Минтақавий туристик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда туристик хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш орқали жойларда қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятлари” мавзуида ҳам семинар ўтказилди.

            Унда туризм инфратузилмаси ва Самарканд вилоятиинг сайёҳлик вазифасини ривожлантириш, қишлоқ жойларида туризмни такомиллаштириш, сайёҳликнинг янги йўналишларини жорий этиш истиқболлари, сайёҳларга юқори сифатли, замонавий сервис хизматлари кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

            Тадбир доирасида вилоятдаги меҳмонхона ва ошхоналар, сайёҳлик фирмаларининг маҳсулот ва хизматлари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

            Йиғилишда вилоят ҳокими З. Мирзаев иштирок этди.

 

                                                                                                                           “Зарафшон”газетасидан

                                                                                                                           Ғ.Ҳасанов