Глобус ҳақида нималарни биласиз?

Қадимдан алломаларимиз ер шарининг тузилиши, ундаги қуруқлик ва сувнинг чегараларини аниқлаб, дунё харитасини тузиш йўлида кўплаб изланишлар олиб боришган. Ана шундай илмий тадқиқотларнинг маҳсули бўлмиш глобуслар бугунги кунда ҳам ўз илмий аҳамиятини йўқотмай, халқларнинг бой маънавий қадриятларини сақлаб қолмоқда.

Ўтган асрлар давомида дунёдаги етук географ-олимлар томонидан глобуснинг ҳар томонлама мукаммал ва қулай намуналари яратилди. Худди шундай тарихий аҳамиятга молик бўлган экспонатлардан бири айни вақтда вилоят Ўлкашунослик музейида сақланмоқда. Мазкур глобусни 1895 йилда хўжандлик маърифатпарвар Ҳожи Юсуф Мирфаёз ўғли бир гуруҳ мусаввир ва олимлар ёрдамида яратишга муваффақ бўлади. Ушбу “митти дунё” нинг пайдо бўлишига олимнинг Осиё ва Европанинг кўплаб давлатларига қилган саёҳатлари сабаб бўлган.


Экспонатнинг диққатга сазовор жиҳатларидан бири унинг ҳажми бўлиб, баландлиги кўтариб турган таглиги билан бирга 117 сантиметр, айланаси 160 сантиметр, масштаби эса 1:2500 000 марта кичрайтирилганлигидир. Олим уни ясашда градус тўрларига бўлган. Бу эса унинг мукаммал яратилганлигидан далолатдир. Глобусга ранг беришда ҳам ўзиги хос жиҳатларига таянилган. Меридиан ва параллеллар қора рангда, тропик чизиқлари ва қутб доиралари қизил ранг билан чизилган.Глобусга қарийб мингта жой номлари киритилган. Унинг эътиборга молик томонларидан яна бири белбоғ тарзида ўрнатилган 12 бурж доирасининг мавжудлигидир. Буржларнинг жойлаштирилиши эса, гўёки Сатурн сайёрасини эслатади. Ҳар бир бурж доираси ичида буржни англатувчи тасвирлар – шер, қўй, қўчқор, қисқичбақа, чаён, балиқ, ҳўкиз ва бошқалар тасвирланган. Бу эса ўша даврларда ҳам буржлардан кенг фойдаланганлигини кўрсатади.

1895 йилда Самарқандда ўтказилган қишлоқ хўжалик кўргазмасида олим фахрий ёрлиқ ва муаллифлик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома билан тақдирланган.

Ушбу экспонат Туркистон ўлкасининг маҳаллий олимлари яратган ва илмий жиҳатдан ўз даврининг энг мукаммал глобуси ҳисобланади.

 

                                                           С.Жукова, вилоят Ўлкашунослик музейи тарих бўлими мудираси