Темурнинг Регистони: дунёдаги бетакрор халқ майдони...

      Буюк Британиянинг “The Guardian” нашрида Сринат Перурнинг ушбу сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

      “Ўзбекистоннинг бу маҳобатли майдонини бутун дунё яхши билади. Мен Регистоннинг марказида туриб уни кузатдим. Бу ҳаётимдаги энг ёрқин, унитилмас кунлардан бири бўлди. Атрофимни ўраб турган мадраса-масжидлар олдида лол қолдим. Уларнинг кўриниши ҳамон сирли, ажойиб. Аслини олганда бу батакрор меъморий ёдгорликлар осмонўпар эмас. Лекин менинг тасаввуримда улар худди осмонга тегиб туюлаверди. Тўғриси, бу ердаги маҳобат, гўзаллик, чиройли ранглар оламига ғарқ бўлдим. Бунақа ҳолатга илгари тушмаган эдим.

      Атроф тумонат одам. Амир Темур томонидан қурилган биноларнинг бирига шундай ёзув битилган экан. Агар бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг. 1888 йилда ҳиндистонлик сайёҳ Жорж Керзон Регистонни “Дунёнинг бебаҳо майдони” деб атаган.


          Бугун бизнинг кўзимизни қувонтираётган, темурийларнинг Самарқандда яратган мўъжизалари XIV асрда бутун империядаги ҳунарманд ва қурувчиларнинг бир жойга йиғилиши натижасида бунёд этилган. Кейинчалик улар узоқ шаҳарларга бориб ўз ишини давом эттирганида ҳам Регистон руҳи уларни тарк этмаган. Масалан, Исфаҳондаги Имом масжиди, Аградаги Тож Маҳал ва ХХ аср бошида Санкт-Петербургда қурилган масжидда ҳам Регистонга хос бўлган деталларга гувоҳ бўламиз.

        Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўлида жойлашган. Шунинг учун ҳам ушбу табаррук юртга дунёнинг турли мамлакатларидан доимо карвонлар келган. Бу ерга ислом архитектурасининг беқиёс мўъжизалари барпо этилган. Умуман олганда Регистон Самарқанднинг юраги. Шаҳарнинг чин маънодаги тимсоли.

      Бир пайтлар шаҳарнинг бош майдони  бозор ва карвонсаройдан иборат бўлган. Барчага маълум, карвонсаройлардан меҳмонхона ўрнида фойдаланилган. Самарқанд 2500 йилдан кўпроқ вақт олдин Европа ва Осиёнинг савдо алоқаларини боғлаб турувчи асосий шаҳар ҳисобланган. Бу эса шаҳарнинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилган. Самарқандга келадиган саёйҳлар сони ортиб бораверган. Мана, ҳамон бу ерга бутун дунё сайёҳлари оқиб келмоқда.

        Ўша пайтларда урфга кирган глазур ва мозайкалардан фойдаланиш унчалик осон бўлмаган. Шундай бўлсада, Самарқанд маъморчилигида улар мисли кўрилмаган даражада ишлатилган.

      Ўтган вақт мобайнида Самарқанд қанчадан-қанча урушлар, мустамлакачилик кунларини кўрмади дейсиз. Хитойлик сайёҳ олимлар Фа Сянь ва Сюань Цзан, марокашлик саёҳатчи Ибн Баттута ва Марко Поло Самарқанд ҳақида кўп маълумотлар ёзиб қолдирган. XIV асрга келиб, Амир Темур Самарқандни шундай шаҳарга айлантирдики, бунақасини илгари ҳеч ким кўрмаган.

      Регистон Амир Темур даврида подшоҳ ҳукмлари ижро этиладиган, турли тадбирлар ўтказиладиган жой бўлган. Бу ерда бунёд этилган мадраса-масжидлар унинг вафотидан кейин қад ростлаган. Бироқ бир нарса аниқки, агар Соҳибқирон бўлмаганида улар қурилмас эди.

      Амир Темур Самарқандни қўлга киритгач, уни ўз давлатининг пойтахтига айлантирди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, соҳибқирон қурилиш ишларини ҳар томонлама қўллаб- қувватлаган.

      Яна бир муҳим жиҳатни айтиш керак, Амир Темур қаерга борган бўлса, қурувчи ва ҳунармандларни ўзи билан Самарқандга олиб келган. Ва уларнинг имкониятларидан, иқтидоридан унумли фойдалана олган.

      Амир Темур фақат бинолар қуриш билан чекланмай, шаҳар атрофида турли боғлар ҳам яратган. Муҳим жиҳати шуки, у барча қурилиш ишларини ўзи назорат қилган.

      Регистон майдонидаги маҳобатли уч мадраса-масжиднинг биринчиси Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек томонидан қурилган. Алоҳида таъкидлаш жоиз, у астроном ва математик бўлган. Улуғбек жуда кўп олимларни Самарқандга таклиф қилган. Натижада Самарқанд чин маънода илм-фан пойтахтига айланган. У қурдирган мадрасада осмон ва юлдузлар ифода этилган. Кейинчалик у расадхона барпо этган ва юлдузлар каталогини яратган.

       Майдондаги Тиллокори ва Шердор мадраса-масжидлариXVIIасрда қурилган. Натижада ҳар қандай одамнинг ақлини шошириб қўядиган ансамбл вужудга келган. Бугунги кунда эса Регистон дунёнинг энг йирик, энг чиройли майдонига айланди. Ҳар икки йилда бир марта бу ерда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мунтазам ўтказиб келинмоқда”.

 

“Ўзбекистон овози” 12 январ 2016 йил, Темур Аъзам.

 Тайёрлади:      Б.Маруфи