ДОНИЁР ПАЙҒАМБАР МАҚБАРАСИ

Следите за новостями

ДРУГИЕ ПАМЯТНИКИ

от Admin в ДРУГИЕ ПАМЯТНИКИ 25

Самарқанд шаҳрининг Афросиёб қадимий шаҳарчаси муҳофаза девори тагидан оқиб ўтадиган Сиёб ариғи ёқасида  Самарқанд аҳли томонидан асрлар давомида қадр-қийматланиб келинаётган Дониёр Пайгамбар мақбараси  энг  мўътабар зиёратгоҳлардан биридир. Самарқандликлар ушбу зиёратгоҳни  баъзан  Дониёр Пайғамбар, Хожа Дониёр ва Ҳазрати Дониёр зиёратгоҳи, деб атайдилар.

Хожа Дониёр мақбарасининг вужудга келиши ва шахсияти ҳақида турли қарашлар мавжуд.

Биринчи қарашга кўра, бу мақбара Муҳаммад пайғамбаримизнинг саҳобаларидан, Қусам ибн Аббоснинг издошларидан бири бўлмиш Хожа Дониёрга тегишли. Тарихчи Абу Тоҳирхожа Самарқандий “Самария” асарида “...Дерларким, у (Дониёл) ҳазрат Аббос ўғли Қусамнинг ёронларидан эди ва шу ерда кўмилгандир”, деб ёзади.

Иккинчи қарашга кўра,  бу мақбаранинг тарихи улуғ пайғамбарларидан бири Дониёр пайғамбарга бориб тақалади. Жумладан, Абул Ҳаким Самарқандий “Қандия” асарида “Самарқандда бир чашма борким, жаннат чашмаларидандур ва у Оби Раҳмат ариғи яқинидадур. Машойихлардан баъзиларининг айтишларига қараганда, ушбу сув Дониёр пайғамбар қабрлари ёнидан ўтади...” деб ёзади. Бу икки мулоҳазани мантиқ нуқтаи назаридан кўрганда ҳамда қадамжо тарихи билан боғлиқ далиллар ва ривоятларни ўрганганда бу табаррук қадамжо Дониёр пайғамбар шахсияти билан  боғлиқ, деган фикрга кўпроқ мойил бўламиз.          

Дониёр Пайгамбар Довуд алайхиссалом авлодидан бўлиб,  эрамиздан олдин 603 йилда Куддус шаҳрида дунёга келган. Бобил  давлати подшоси Навухудоносор томонидан эрамиздан олдинги 586 йилда бу муборак шаҳар забт этилади ва кўп одамлар асирга олиб кетилади. Улар орасида 17 ёшлик Дониёр ҳам бор эди.

Тушларни таъбирлаб,  сирли ёзувларни ўқий оладиган Дониёр тезда подшоҳ эътиборини қозонади ва саройда катта мавқега эга бўлади. Дониёрнинг ушбу муваффақиятлари ҳасадгўйларнинг безовта қилади ва унга қарши фитна уюштирилади. Бу фитна таъсирида подшоҳ Дониёрни оч шерлар ётган чоҳга ташлатади. Оч шерлар Дониёрни ғажиб ташлаш ўрнига, мулойимлик билан уни ялаб, тавоф қила бошлашади. Душманлари буни ҳийла, сеҳр деб талқин қилишади. Подшоҳ  уларнинг  гапига кириб, бир неча кундан сўнг Дониёрни иккинчи марта чоҳга ташлатади. Оч шерлар бу сафар ҳам Дониёрга ўзларича юкинишади. Бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланган подшоҳ ниҳоят Дониёрнинг Яратган томонидан сараланган инсонлардан     бири эканини англаб етади ва унга нисбатан иззат-икром кўрсатиб, фитнакор ғанимларини чоҳга отади. Оч шерлар ҳасадгўйларни бир зумда тилка-пора қилиб ташлашади.

Ёши анчага борган Дониёр пайғамбар шоҳдан рухсат сўраб, Суза шаҳрига кўчиб ўтади ва милоддан олдинги  531 йилда ўша шаҳарда дунёдан ўтади. Уни катта ҳурмат билан шоҳлар хилхонасига дафн этадилар.

Тарихий нақлларга кўра Амир Темур қўшини Кичик Осиёга қилган юриши чоғида Суза шаҳри қалъасини ўн саккиз кун қамал қилади. Қамал пайтида Соҳибқирон эътиборини Дониёр пайғамбар мақбараси жалб этади. Амир Темур халқ ичида, ушбу улуғ пайғамбарнинг хоки қаерда бўлса, ўша жойдан файзу барака аримайди, руҳи эса барча бало офатлардан сақлайди, деган гапни эшитади ва Дониёр пайғамбар хокини Самарқандга олиб келишга аҳд қилади. Табаррук маконимизда улуғ зотнинг руҳи қўним топгани ва у қалбларга ёруғлик, хотиржамлик бахш этаётгани муҳим тарихий ҳодисадир.

Х асрда яшаган форс географи ва сайёхи Ал-Истахрийнинг  ёзишича,  Мосулдаги Дониёр Пайғамбар қабрини зиёрат  қилишга  келганлар қабр атрофини айланиб, унинг яқинидаги ариқдан сув олишаркан. Ушбу анъана Самарқанд шаҳрида  ҳам тасодифан пайдо бўлмади, зеро Мосулдаги ва Самарқанддаги қабрлар  жуда ўхшаш. Зиёратчилар  асрлар  давомида ушбу сувдан шифо топиш ниятида ичишади. Маълумотларга қараганда, 21 март - Наврўздан бошлаб, апрел ойи охирига қадар халқ Дониёр Пайғамбар қабри атрофида сайиллар уюштириб, қадимий Сиёб ариғида чўмилишган. Бу даврда ариқ «оби шукуфа» деб аталган, бунга сабаб ариқ суви мевали дарахтлар гули билан лиқ тўла бўлган ва ўта шифобахш  ҳисобланган. Бу ерда «қизил гул» деган  халқ сайиллари  ҳам ўтказилиб турилган.

Дониёр Пайгамбар зиёратгоҳи  йиллар, асрлар  ўтиши билан кўп ўзгаришларга юз тутган.  Чор Россияси даврида нашр этилган китобда Дониёр  Пайғамбар  мақбарасининг   1870-80 йиллардаги  гравюра  сурати акс эттирилган.

Ундан маълум бўлишича, ўша даврларда Дониёр Пайгамбар қабри усти дарё тошлари билан терилган ва унинг атрофида кичик айвон мавжуд бўлиб, қабр атрофида шайхлар, авлиёларнинг белгиси бўлган  туғлар ўрнатилган. 1894 йил ёзишмаларида рус рассоми П.Дмитриев-Кавказский бу қадамжо ҳақида тўлқинланиб шундай ёзади: “Шаҳардан 2-3 чақирим масофада жойлашган жарлик ён бағрида, анҳор ва сўлим яшиллик қўйнида диндорлар томонидан ниҳоятда қадрланадиган Дониёр ота мақбараси жойлашган. Камарнинг бутун саҳни пастқам девор билан ўралган. Ўрталикда узун мақбара, қабр бошида олтита туғ бор. Фақат қушларгина бу ердаги илоҳий сукунатни бузиб туради. Бу – Самарқанд атрофидаги ноёб илҳомбахш гўшалардан биридир...”

Мақбара пастида хосиятли чашма, булоқ бор. Бу ҳақда Абу Тоҳирхожа “Самария”да: “У зотнинг мизожидан муборак бошлари тарафидан Сиёҳоб ариғидан яқин ердан бир булоқ чиқиб, Сиёҳоб ариғига қуяди. Халқ (уни) табаррук билиб ичадилар ва чўмиладилар, уни кўп касаллар шифосига сабаб деб биладилар”, деб ёзади.

ХХ аср бошида  қабр устида мақбара қурилди. Шуни таъкидлаш лозимки, ўша вақтлар мақбарага асосий йўл қадимий Афросиёб шаҳарчасидан бўлиб, мақбарадан сал баландроқда  кириш  дарвозахона–айвон  қурилган. Унинг қолдиқлари ҳанузгача сақланган, ва у ҳам мақбара қурилган пайтда бино этилган. 2007 йилда дарвозахона қайтадан тикланди, унинг ёнида зиёратгоҳ хизматчилари учун ҳужра қурилди.

 

Мақбарага кириш илгари ман этилган. Пайғамбар қабрини махсус ўрнатилган ганч панжара орқали кўриш мумкин бўлган.  Мақбара биносининг эни 5,77 метр, узунлиги – 21,20 метр, баландлиги – 4,80 метр бўлиб, у чўзинчоқ тарҳли , беш гумбазли хонадан иборат. Шимолий тарзи пештоқ  равоқлидир. Таъкидлаш лозимки, мақбаранинг гумбазлари сони беш асрлик кўҳна писта дарахтининг таналари сонига мувофиқ келади.

Бино пештоғининг икки ёнида қуббали, кўзасимон, курсили гулдасталари  ганч ўймакорлиги билан безатилган. Мақбара ичидаги қабрнинг ўзи – 18 метр.

Мақбара биноси Осиё меъморчилик санъатининг ўзига хос намунасидир.

Мустақиллик  шабадаси, истиқлол шодиёнаси туфайли бошқа тарихий қадамжолар қаторида  Хожа  Дониёр зиёратгоҳида  ҳам  Юртбошимизнинг  ташаббуси  билан босқичма-босқич беқиёс таъмир-тиклаш ва ободончилик ишлари олиб борилди.

Дастлаб 1995-1996 йилларда, кейинчалик  2007-2008 йилларда Хожа Дониёр зиёратгоҳида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Тошкент шоҳкўчасидан зиёратгоҳгача Сиёб ариғи бўйлаб 250 метрлик йўл очилиб, кириш қисмида нақшинкор дарвоза ўрнатилди. Зиёратгоҳга чиқиш учун  3 қисмли зинапоя қурилди. Қабр атрофи оникс ва қора мармар билан қопланди. Ва ниҳоят, 2012-2015 йилларда амалга оширилган туб таъмир-тиклаш ва ободонлаштириш ишлари натижасида Хожа Дониёр зиёратгоҳи бутунлай янгича кўринишга эга бўлди.

Зиёратгоҳ майдони кенгайтирилди. Қадамжо яқинидаги  ун  заводи бу ердан олинди. Тор, эгри-бугри йўналишда оқадиган Сиёб ариғи 25 метр мажмуанинг маркази томон кўчирилиб, замонавий ҳолатга келтирилди.

2,5 гектарга тенг атроф-теварак кўкаламзорлаштирилди. Зиёратгоҳ нишеблигига махсус майсалар, арча кўчатлари экилди.

Зиёратчиларнинг ўзлари учун соябонли ўриндиқлар, автоуловлари учун махсус тўхташ жойлари ташкил қилинди. Миллий ҳунармандчилик намуналари, эсдалик совғалари сотиладиган дўконлар қурилди. Зиёратчиларга қулайлик туғдириш мақсадида ўзбек ёғоч ўймакорлик санъатининг энг гўзал намуналарини ўзида акс эттирган шинам айвон барпо этилди.

Айнан шу ободонлаштириш ишлари арафасида ажиб ҳодиса юз берди:  сўнгги йилларда қариб-қуриб қолган 500 йиллик писта дарахти кутилмаганда яшилланиб жонланди, унда яна ҳаёт асари пайдо бўлди. Гўё у бу муборак масканни обод қилишга чоғланган одамларнинг юрак меҳридан қувват олгандай.

Халқимизда   “Худо назари тушган жой”  деган ибора бор. Хожа Дониёр зиёратгоҳи худди ана шундай маскандир. Бу зиёратгоҳга ташриф буюрган  ҳар  бир кишининг  қалби  нурланиб, қувват, ёруғ  туйғуларни  бахш этувчи, кўнгилларни бирлаштирувчи ҳиссиёт олади.

Хожа Дониёр зиёратгоҳи  –  мамлакатимиздаги турли дин ва миллатлар  ўртасидаги  дўстлик, биродарлик, хайрихоҳлик, бағрикенгликнинг гўзал тимсолидир; Ўзбекистоннинг, юртимиз маънавий дунёсининг, биз қурмоқчи бўлаётган буюк келажакнинг тажассуми кўринишидир.   



Comments (0)

Другие новости

registon.uz

...

Facebook page

Instagram page