СМИ о нас

Воскресенье, 30 августа 2020 09:58

Мирзо Улуғбек даврида таълим: Самарқандда яна бир тарихий экспозиция ўз ишини бошлади

Самарқандда Мирзо Улуғбек мадрасасининг ташкил топганига 600 йил тўлиши муносабати билан “Самарқандда таълим тарихи” экспозицияси очилди.

Мазкур экспозициядаги асосий осори-атиқалардан бири тилла суви билан зийнатланган 302 бетдан иборат қўлёзма – Қуръон нусхасидир. Мазкур нусха самарқандлик машҳур ҳаттот Абдужалил Эргашев ва шогирди Азиза Собировалар томонидан Самарқанд қоғозига араб алифбосининг сулс хатида кўчирилган.

Қуръон қўлёзмаси 302 варақдан иборат бўлиб, 60х80 см ҳажмдан иборат.

Экспозицияда XV-XIX асрларига тегишли бўлган кундалик ҳаёт учун зарур бўлган сув идишлар, мойчироқлар, ошхона жиҳозлар, ҳаттотлик буюмларидан ташкил топган экспонатлар мавжуд.

Қайд этилишича, Самарқандда таълим тарихи ҳақида гап кетганда биргина “Самарқандий” тахаллуси билан юзлаб ижодкорлар қалам тебратишган. IX аср ўрталарида эса Самарқанд шаҳрининг ўзида 17та мадраса бўлиб, унда ўз даврининг машҳур олимлари дарс берганлар.

Шунингдек, Регистон ансамблида жойлашган яна бир тарихий илм даргоҳи Шердор мадрасаси дарсхонасида ҳам Мирзо Улуғбек даврига оид меъморчилик намуналарининг XVIII-XIX асрларга оид фотосуратлари нусхаларидан иборат “Самарқанд тарихий суратларда” номли экспозиция намойиш қилинди. Унда ўша даврлардаги масжид ва мадрасаларнинг ҳолати, бозорлар ва ижтимоий хизмат кўрсатиш объектлари акс этган.

Кўргазма ташкилотчиси, музей соҳасида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган Шомурод ака Рўзимуродов ташриф буюрувчиларда Самарқандда таълимнинг тарихи ҳақида яхшироқ тасаввур ҳосил бўлиши учун ҳужра ва унда устозларидан таълим олаётган талабаларнинг макетини ясаган. Унга ўша даврнинг руҳини бериш учун кичик деталларигача эътиборга олинган.

Шомурод ака Рўзимуродов тарихий суратларнинг фотонусхалари орасида Улуғбек мадрасаси минорасининг қийшайиб қолиши ва унинг ўз ўрнига ҳеч бир ғиштига тегмасдан тўғрилаб қўйиш тарихини акс эттирувчи фотонусханинг алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Дополнительная информация

Прочитано 338 раз