СМИ о нас

Воскресенье, 30 августа 2020 11:09

Регистон майдонида «Самарқандда таълим тарихи» кўргазмаси очилди

Мирзо Улуғбек мадрасаси ташкил этилганининг 600 йиллиги муносабати билан Регистон майдонида «Самарқандда таълим тарихи» кўргазмаси очилди.

Кўргазма давомида турли даврларда таълим тизимининг шаклланиши ва ривожланиши, унинг шакли, тизими, моддий таъминоти ҳақида батафсил маълумот берилади.

Кўргазманинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Э. Турдимов ва СамДУ ректори Р. Холмуродов сўзга чиқиб, Мирзо Улуғбекнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси, астрономия фанидаги улкан кашфиётлари, авлодларга қолдирган бебаҳо мероси хусусида сўз юритишди. Расмий маросимдан сўнг, меҳмонлар кўргазмага қўйилган экспонатлар билан яқиндан танишишди.

Қадим замонлардан ҳозирги кунгача Самарқандда таълим тизимининг ривожланиш динамикасига бағишланган кўргазма меҳроб олдида ўрнатилган Самарқандлик машҳур ҳаттот Абдужалил Эргашев ва Азиза Собировалар томонидан самарқанд қоғозига араб алифбосининг сулс услубида ёзилган, тилло суви билан зийнатланган 302 варақдан иборат 60х80 сантиметр ҳажмда бўлган Ўрта Осиёда илк бор Қуръони Карим китоби қўлёзмаси билан танишишдан бошланди. Шундан сўнг меҳмонлар экспозицияда таълимнинг ривожланишида муҳим манба ҳисобланган сифатли қоғоз ишлаб чиқариш, Самарқанд қоғозининг бутун дунёга тарқалишини ўзида акс эттирган харитани кўздан кечиришди.

Мазкур экспозиция қадим замонлардан ҳозирги кунгача Самарқандда таълим тизимининг ривожланиш динамикасига бағишланади. Таъкидлаш жоизки, Улуғбек мадрасаси Регистон майдонидаги энг қадимий мадраса бўлиб, Темурийлар давлати ҳукмдори ва астроном олим Улуғбек томонидан бунёд этилган. Ушбу иншоот қурилиши Самарқандга Ўрта аср Шарқ фанининг асосий марказларидан бири сифатида шуҳрат келтирди.

Мирзо Улуғбек Темурийзодалар ичида фан ва маданият тараққиётига энг кўп ва салмоқли ҳисса қўшган ҳукмдордир. Унинг қилган энг буюк иши Самарқанд астрономия мактаби - ўша давр муҳим илмий марказини барпо этганлиги бўлди. Улуғбек мадрасаси ва расадхонаси жаҳон маданияти ва фани тарихида улкан аҳамият касб этди, мамлакат равнақига хизмат қилди. Шунинг учун экспозициядан Мирзо Улуғбек томонидан қурдирилган расадхонанинг макети ҳам ўрин олган.

- Кўриб турганингиздек, бу ерда ХIХ-ХХ асрларда Регистон майдони ва мадрасаларининг кўриниши, таъмирлаш жараёнлари кўрсатилган, —​ дейди Регистон ансамбли директори Х. Самаров кўргазмага қўйилган экспонатлар билан таништирар экан. —​ Бу ерда эса «Мирзо Улуғбекнинг илмий ва шаҳарсозлик мероси» номли экспозиция ташкил этилган. Рўпарангиздаги фотосурат Мирзо Улуғбекнинг тахминий сурати бўлиб, рассом Малик Набиевнинг тасаввури асосида яратилган. Биламизки, Мирзо Улуғбек буюк Соҳибқирон Темурнинг бунёдкорлик ишларини давом эттирган. У ўз даврида кўплаб мадрасалар, масжид ва ҳонақо хамда ҳаммомлар қурдирган.

Хусусан, у ўз расадхонасини 34 ёшида қурдиради. Улуғбек мадрасасининг ҳовлиси марказида Улуғбекнинг астрономик майдончаси бўлган. Бу ерда Улуғбек ўзининг устозлари Ғиёсиддин Жамшид ва Қозизода Румийлардан фалаккиёт илмидан сабоқ олган. Улуғбек расадхонасини бориб томоша қилишга улгурмасангиз, шу ердан туриб галерея орқали кузатиш имконига эгасиз. Юқорига, шифтга қарасангиз, Улуғбекнинг юлдузлар харитасини томоша қилишингиз мумкин. Бу ерда эса Регистон майдонидаги Шердор мадрасасининг ҳозирги кундаги кўриниши акс этган.

Шунингдек, кўргазмада Регистон майдонида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивали ҳақида фотолавҳалар ҳам ўрин олган.

Абдулазиз Йўлдошев (Халқ сўзи)

Дополнительная информация

Прочитано 483 раз