СМИ о нас

Суббота, 29 августа 2020 11:34

Регистонда тарихий кўргазма бошланди

Шердор мадрасасида бошланган «Суратларда акс этган тарих» номли фото кўргазмада эса Самарқанднинг XIX аср охири ва XX аср бошларига оид суратлари жамланган.

Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги ҳамда Мирзо Улуғбек мадрасаси ташкил этилганининг 600 йиллиги муносабати билан Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида «Самарқандда таълим тарихи» ҳамда Шердор мадрасасида «Суратларда акс этган тарих» номли кўргазма очилди.

Кўргазмаларнинг очилиш маросимида иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов Мирзо Улуғбек мадрасаси ўз даврининг мукаммал олий таълим маскани бўлиб, ўзига хос университет вазифасини бажарганини таъкидлади. Бу йил сентябрь ойида 600 йиллиги кенг нишонланадиган Самарқанд давлат университети ҳам мазкур илм масканининг вориси деб эътироф этилмоқда.

– Улуғбек мадрасаси Регистон майдонида энг биринчи қурилган мадраса бўлиб, ушбу бетакрор тарихий обида яратилишининг асоси ҳисобланади, – дейди Регистон ансамбли мустақил дирекцияси раҳбари Хонқул Самаров. – Бу иншоот Самарқандга ўрта асрлар Шарқ илм-фанининг асосий марказларидан бири сифатида шуҳрат келтирган. Шу сабабли энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан айнан мазкур мадрасада Самарқанд таълими тарихи кўргазмасини ташкил этдик.

Кўргазмада вилоятдаги музейлар ва тарихий-маданий ёдгорликларда сақланаётган китоблар, Мирзо Улуғбек мадрасаси ва бошқа илмий марказларга оид ноёб ашёлар, тарихий суратлар намойиш этилмоқда.

Шердор мадрасасида бошланган «Суратларда акс этган тарих» номли фото кўргазмада эса Самарқанднинг XIX аср охири ва XX аср бошларига оид суратлари жамланган.

– Фото экспозиция тўрт қисмдан иборат, – дейди музейшунос Шомурод Рўзимуродов. – Биринчи қисмда Регистон майдонидаги савдо расталари акс эттирилган. Иккинчисида Бибихоним мажмуаси атрофидаги карвонсаройлар, кейингиларида эса Амир Темур мақбарасининг XIX асрдаги ҳолати ва унинг ёнидаги маҳаллалар кўриниши, шунингдек, кўчалар, бозорлар, мадрасалар тасвирланган суратлар ўрин олган.

Дополнительная информация

Прочитано 360 раз