СМИ о нас

Четверг, 11 июня 2020 11:39

Улуғ мақсадларни кўзлаган тарихий ҳужжат

Президентимизнинг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу мақсадлар мужассам эканлиги бизларни, яъни тарихий обидалар ва музейлар соҳасида фаолият юритувчи ходимларини ниҳоятда қувонтириб юборди.

Музейлар ва тарихий обидалар ҳар бир халқ илмий-маданий меросини ифода этувчи жонли тарихдир. У халқнинг маданияти, турмуш тарзи, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш, уларни тарғиб этиш ва келгуси авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Музейлар ва тарихий обидалар чинакам илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, йилдан-йилга бойиб, қиймати ошиб боради. Музейлар ва тарихий обидаларни тадқиқ этиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳам ҳужжатнинг асосий йўналишларидан биридир. Мисол учун, 2025 йилгача бўлган муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда Ўлкашунослик музейларини ташкил этиш, уларнинг экспонатларини бойитиш, асраб-авайлаш ва ходимлар манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилингани, фуқароларнинг ушбу масканларга бепул кириб кўришларига имкон яратилаётгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Зеро, бу халқимизнинг шонли тарихи ва аждодларимизнинг бебаҳо меросига доир билимларини бойитиш, қалбларида миллий ғурурни юксалтиришга катта ҳисса қўшади.

Ҳозирги кунда вилоятимиздаги 1607 та диққатга сазовор жойлар, яъни маданий мерос объектлари Республика миллий рўйхатига киритилган. Бундан ташкари 10 та давлат ва 30 тадан ортиқ нодавлат музейларда қарийиб ярим миллионга яқин музей ашёлари авайлаб сақланиб келинмоқда. Уларни тадқиқ этиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бойитиб бориш, муҳофаза қилиш ғоят муҳим масала эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №ПК-4730 сонли Қарорида Маданий мерос департаменти фаолиятини мутлақо янги тамойиллар асосида ташкил этиш назарда тутилган.

Мазкур Департаментнинг ваколатлари аниқ белгиланиб, фаолияти самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳам ҳал этилган. Ўз навбатида, Маданий мерос объектларини асраш ишларида илмий тадқиқотларга таяниш зарурлиги инобатга олиниб, Маданият вазирлиги ҳузурида “Маданий мерос илмий-тадқиқот институти” ташкил этиладиган бўлди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда Маданият вазирлиги тизимида келгусида онлайн портални ишга тушириш, маданият муассасалари, музейлар ва тарихий обидалар фаолиятида кириш-чиқиш жойларига электрон турникетлар ўрнатиш, электрон чипталар жорий этиш ишлари амалга ошириш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу ишлар бизнинг соҳамизда шаффофликни ошириш, маданият муассасалари, музейлар ва тарихий обидалар фаолиятидан аҳолининг янада қулай ва осон фойдаланишини таъминлайди.

Ўз навбатида ушбу ҳужжатда бу соҳада ишловчи ходимлар малакасини ошириш, замонавий ахборот-технологиялари воситаларидан кенг фойдаланиш, замонавий янги технологияларни ўзлаштириш, уларнинг иш ҳаққи миқдорини ошириш ва меҳнатларига яраша рағбатлантириш масалалари ҳам кўзда тутилган. Кўп вактлардан буён ўз ечимини кутаётган Миллий музей фонди ва миллий музей каталогини шакллантириш соҳасидаги ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш “Концепцияси” ва уни амалга ошириш бўйича ”Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари барча Маданий мерос объектларда илмий-тадқиқот ишларни йўлга қўйиш, қонунчилик доирасида ташриф буюрадиган сайёҳларга пуллик хизмат турларини кўпайтириш, «Музей дўстлари» кулубларини ташкил этиш ишлари ҳам ҳужжатда ўз аксини топган.

Маданий мерос объектларида ходимлар ва ташриф буюрувчилар учун замонавий интернет хизматларидан кенг фойдаланиш, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш, ҳар бир объектни имкониятидан келиб чиқиб уларда турли тадбирлар ташкил этиш масалалари ҳам ҳужжатда кенг ёритиб берилган.

Хулоса килиб айтадиган бўлсак, мазкур тарихий ҳужжат мамлакатимизнинг барча минтақаларида яқин келажакда Маданий мерос объектларини ўрганиш, сақлаш, мухофаза этиш ва тарғиб қилиш борасида биз маданият соҳасида фаолият юритувчи ходимлар учун қонуний-меъёрий ҳужжат, яъни дастурил амал бўлади деб ҳисоблайман.

Регистон ансамбли директори Х.Қ.Самаров

Дополнительная информация

Прочитано 344 раз